Кўрик-танлов Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ўттиз бир йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилди.
Унда Қуролли Кучлар академиясининг “Ўзбегим”, Жамоат хавфсизлиги университетининг “Жасорат”, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг “Қутқарувчилар”, Божхона институтининг “Ишонч” ҳамда ИИВ Академиясининг “Мард ўғлонлар” жамоалари ўзаро беллашди.
Ҳакамлар ҳайъати вакиллари “Танишув”, “Темур тузуклари билимдони”, “Ватан мадҳи” шартлари орқали жамоаларнинг чиқишини баҳолаб боришди. Қизиқарли саҳна кўринишлари, савол-жавоб ва мунозараларга бой ўтган тадбир якунида “Мард ўғлонлар” жамоаси биринчи, “Қутқарувчилар” жамоаси иккинчи ва “Ўзбегим” жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек Божхона институти курсанти Нозима Одилова “Энг зукко курсант”, Жамоат хавфсизлиги университети курсанти Шаҳриёр Жабборов “Энг иқтидорли курсант” номинациясига сазовор бўлди.
Тақдирлар маросимида ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилган изчил ислоҳотлар етук салоҳиятли, мард ва жасур, она Ватанимизга юксак дахлдор ўғил-қизларни камол топтиришга хизмат қилаётгани эътироф этилди. Шундан сўнг иштирокчиларга диплом ва совғалар тантанали равишда топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати