Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум асосида ўтказилган тадбир таълим жараёнида тажриба алмашинувини кенгайтириш, айниқса талаба ёшларнинг соҳага оид билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилди.
Дастлаб институтнинг юриспруденция йўналишида таҳсил олаётган талабалар “Терговга қадар текширувнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзуидаги маъруза машғулотида иштирок этишди. Кафедра бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Бахтиёржон Муродов олиб борган машғулотда терговга қадар текширув институтининг назарий жиҳатлари, жиноят-процессуал қонунчиликни қўллашда шахс ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масалалари, амалиётдаги ёндашувлар ҳамда долзарб масалаларнинг ечимлари атрофлича таҳлил қилинди.
Тергов фаолияти кафедраси қошидаги ўқув-методик хона билан танишув жараёнида талабалар амалиётга жорий қилинган замонавий тизим ва дастурлардан фойдаланиш кўникмаларига эга бўлдилар. Криминалистик полигонда ҳодиса жойини кўздан кечириш тактикаси бўйича ўтказилган мастер-класс машғулотида эса талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Айтиш керакки, таълим жараёнидаги ўзига хос ёндашувлар, ўқув тезкор-тергов гуруҳларига бириктирилган махсус автобуслар, курсантларнинг касбий ва жанговар-жисмоний чиниқиши учун яратилган шароитлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати