Жорий йилнинг 28 октябрь куни Беларусь Республикаси ИИВ Академиясида “Замонавий шароитда жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммолари” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари ҳам иштирок этди.
Анжуманда сўз олганлар глобал таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий хавф-хатарларнинг олдини олиш, фавқулодда вазиятларда ҳуқуқ-тартибот органлари куч ва воситаларини самарали бошқариш, айниқса касбий ва жанговар-жисмоний тайёргарлик масалалари муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаб ўтишди. Шундан сўнг асосий маърузачиларнинг долзарб мавзудаги маърузалари тингланди. Фавқулодда ҳолатларда дрон қурилмалардан самарали фойдаланишга бағишланган тақдимот намойиш этилди. Қизғин баҳс-мунозаралар якунида жамоат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий йўналишларига қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, анжуман иштирокчилари Беларусь Республикаси ИИВ Академияси, вазирлик қошидаги махсус лицей, Ички ишлар ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш маркази, Ички қўшинлар ҳарбий қисми ҳамда “Қоплон” ҳарбий-ватанпарварлик клуби фаолияти билан танишиб, амалиётга татбиқ қилинган ёндашувларни кўздан кечирдилар. Меҳмонлар учун Минск шаҳрининг диққатга сазовор масканларида маданий тадбирлар ташкил этилди.
Аҳамиятлиси, халқаро конференция турдош олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш имконини берди. Хусусан, Ўзбекистон ва Беларусь Республикалари ИИВ Академиялари вакиллари учрашувида бошқарув кадрларини тайёрлашда ўзаро тажриба алмашиш, илмий алоқаларни кенгайтириш, инновацион таълим ютуқларини оммалаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати