Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ИИВ Академияси магистрлари қонун муҳокамасида қатнашдилар

18 Октябрь 2023, 06:10

703

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди.

Дастлаб депутатлар эътиборига “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳавола қилинди.

Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати маълумотларига кўра, мазкур қонун лойиҳаси билан “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг айрим нормаларига қўшимчалар киритилмоқда. Яъни тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириш тартибини аниқлаштириш, ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, тезкор-қидирув тадбирлари ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда кибермаконда ва (ёки) унинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши мумкин эканлиги назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунга жиноятларни содир этган шахсларни аниқлаш ва қидириш, шунингдек жазони ўташдан бўйин товлаётган ҳамда бедарак йўқолган шахсларни қидириш мақсадида оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан бепул фойдаланишга доир ички ишлар органларининг ҳуқуқларини аниқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда. Бундан ташқари, “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонун ҳам жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча билан тўлдирилмоқда.

Мажлисда мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар қизғин муҳокама қилинди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини янада ишончли таъминлашга, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Шу куни қуйи палатанинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси вакиллари билан учрашув ҳам бўлиб ўтди. Мулоқотда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиёти, кутилаётган янгиликлар хусусида фикр алмашилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech