Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ИИВ Академиясига тегишли суд экспертизалари ва тадқиқотларни ўтказиш ҳуқуқи берилди

14 Февраль 2022, 10:02

1469

Маълумки, жорий йилнинг 3 февралида давлатимиз раҳбари томонидан “Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика соҳасини замонавий илм-фан ютуқларини кенг жорий этган ҳолда янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Мазкур қарор билан Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази тўғрисида низом, ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси”, шунингдек ички ишлар органлари эксперт-криминалистика бўлинмаларини 2022 йилда моддий-техника воситалари билан таъминлаш дастури тасдиқланди. Бундан ташқари, ИИВ Академиясининг Криминалистик экспертизалар кафедрасига белгиланган тартибда тегишли суд экспертизалари ва тадқиқотларни ўтказиш ҳуқуқи берилди.

Таълим муассасасида мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижросига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари вакиллари, Академия профессор-ўқитувчилари ҳамда кундузги таълим курсантлари иштирок этди. ИИВ Эксперт-криминалистика бош маркази бошлиғи, полковник С.Нуриддинов, Академия бошлиғи ўринбосари, полковник Р.Нигматов, Криминалистик экспертизалар кафедраси бошлиғи, подполковник А.Ҳусановлар сўз олган тадбирда янги қарорнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, эксперт-криминалистика фаолиятини янада такомиллаштиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган қарорда бир қатор устувор йўналишлар белгилаб берилган. Мазкур вазифалар замонавий фан ва техниканинг илғор ютуқлари, рақамли технологиялар, криминалистиканинг янги илмий усул ва воситаларини қўллаш механизмларини жорий этиш, автоматлаштирилган криминалистик ахборот-қидирув тизимлари ва ахборот базаларини яратиш, ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган ҳуқуқбузарликлар бўйича рақамли экспертизанинг имкониятларидан фойдаланиш, шахсга доир биометрик маълумотлар (геномга оид ахборот, юз қиёфаси, қўлбармоқ, излари) асосида автоматлаштирилган идентификация тизимларини татбиқ қилиш, тезкор-қидирув тадбирлари, тергов ва суд ҳаракатларида ашёвий далиллар тадқиқотининг янги турлари, инновацион криминалистик ёндашув, усул ҳамда техник воситаларини кенг жорий этиш, эксперт-криминалистика соҳасида кадрларни мақсадли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича самарали ўқув-амалиёт жараёнини ташкил этиш кабиларни назарда тутади.

Эндиликда вазирлик Эксперт-криминалистика бош маркази тузилмасида Генетик тадқиқотлар ва Шахснинг геном ахборотини давлат рўйхатига олиш бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади. Шунингдек, ўқотар, пневматик, газли, сигнал берувчи, coвуқ, улоқтирувчи ва бошқа қуроллар, уларнинг ўқ-дориларини, махсус воситаларни, ўқ ўтказмайдиган махсус ҳимоя воситаларини, электрошок қурилмалари, пиротехника буюмлари ва портловчи материалларни сертификатлашни амалга оширувчи давлат муассасаси ташкил этилмоқда. Ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлинмаларига эксперт-криминалистика соҳасида жисмоний ва юридик шахсларга шартнома асосида экспертлик, биометрик идентификация, илмий-тадқиқот ва ахборот хизматларини ҳамда соҳага оид бошқа пуллик хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

Давра суҳбатида қарордаги вазифалар ижросини таъминлаш борасида Академиянинг Криминалистик экспертизалар кафедрасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар, хусусан, соҳа ходимларининг касбий малакасини ошириш, мавжуд моддий-техник базаси такомиллаштириш, таълим самарадорлигини ошириш, таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш борасида атрофлича фикр алмашилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech