Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ИИВ АКАДЕМИЯСИГА БЕЛАРУСЬ РЕСПУБЛИКАСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТАШРИФ БУЮРДИ

28 Июль 2022, 07:07

1321

27 июль куни Беларусь Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Дмитрий Корзюк бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти билан танишди.

Юқори мартабали меҳмонларни академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов кутиб олди.

Таъкидлаш жоизки, Беларусь Республикаси таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари икки томонлама келишув асосида жадал ривожланиб бормоқда. Сўнгги бир йил ичида кибержиноятларни фош этиш, тергов жараёнида ахборот технологияларини самарали қўллаш, терроризм ва экстремизмга қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш ва оммавий тартибсизликларни олдини олиш каби муҳим йўналишларда мастер-класс машғулотлари, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар учун малака ошириш курслари ташкил қилинди.

Томонларнинг тор доирадаги учрашувида таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий жиҳатларига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов икки давлат ўртасидаги муносабатлар тобора юксалиб бораётганлигини таъкидлаб, меҳмонларга ИИВ Академияси юртимизда ички ишлар органлари учун етук профессионал кадрлар тайёрлайдиган ягона олий таълим муассасаси эканлиги, академияда таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган мутлақо янги инновацион ёндашувлар тадбиқ этилганлиги тўғрисида батафсил маълумот берди.

– Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали муносабатларда ўзаро ишонч ва интилиш муҳим аҳамият касб этади, – деди Рустам Хатамов. – Қисқа фурсатда ҳамкорлигимизни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда аниқ натижаларга эришдик. Ўйлайманки, бу борада мавжуд салоҳиятлар ҳали тўлиқ ишга солинмаган. Бугунги мулоқотимиз яқин истиқболга мўлжалланган лойиҳаларни амалга оширишга муҳим омил бўлади.

Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Дмитрий Корзюкнинг эътироф этишича, ҳозирги мураккаб даврда икки томонлама ҳамкорликни бойитиш муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги академияси таълим тизимида қўлланилаётган янги инновацион ёндашувлар тизим учун етук профессионал кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Бизнинг академиямизда ҳам ана шундай янгича услубларни жорий этиш зарур, – деди Дмитрий Корзюк.

Музокаралардан сўнг делегация аъзолари Академия бошлиғи Рустам Хатамов ҳамроҳлигида таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга таълим жараёнига татбиқ этилган янгиликлар, шахсий таркиб билан олиб борилаётган жанговар-жисмоний ҳамда маънавий-маърифий ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса ўқув тезкор-тергов гуруҳлари ташкил этилиб, назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланганлиги, Академия ёшларининг спорт соҳасида қўлга киритаётган улкан ютуқлари меҳмонларда юқори таассурот қолдирди.

Шунингдек меҳмонлар Ахборот-ресурс марказининг замонавий имкониятлари, масканда барпо этилган “Турон қоплони – Жалолиддин Мангуберди” ҳамда “Буюк соҳибқирон Амир Темур” хоналари билан танишиб, ёш авлод вакилларида миллий руҳ туйғусини ошириш, уларни она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шунинг билан Беларусь Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегациянинг ИИВ Академиясига қилган бир кунлик ташрифи ниҳоясига етди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech