Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида ўзбек жанг санъати бўйича мамлакат чемпионати баҳслари бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари ғолиблик учун баҳс юритди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида иштирокчилар қатори Ички ишлар вазирлиги академияси вакилларининг кўргазмали чиқишлари барчага манзур бўлди.
Ўзбекистон чемпионататида ишқибозлар “Ассалом тонг”, “Темурийлар жанг усули”, “Копмплекс машқ” ва “Кўргазмали чиқиш” йўналишидаги баҳслар гувоҳи бўлишди. Қувонарлиси, ИИВ Академияси курсантлари “Жамоавий кўргазмали чиқиш” йўналишининг ўғил болалар ва қизлар ўртасида кечган баҳсларида ғолибликни қўлга киритдилар.
Тақдирлаш маросимида Ўзбек жанг санъати федерацияси раиси Пўлат Усмонов сўз олиб, юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама жисмонан ва маънан камол топтириш, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ҳисобланган миллий спорт турларини янада оммалаштириш ва ўзбек жанг санъати билан шуғулланувчи ёшлар кўламини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотлари томонидан тантанали равишда тақдирланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати