1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида меҳр-саховат тадбирлари ҳам кенг қулоч ёймоқда.
Болалар ҳаётимиз давомчилари, келажагимиз эгаларидир. Бинобарин, уларни асраб-авайлаш, ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш ҳар бир давлат, ҳар бир оила, ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.
Ички ишлар вазирлиги академиясининг бир гуруҳ офицер ва курсантлари пойтахтимиздаги Умар Қурбонов номидаги Республика болалар руҳий-асаб касалхонасида бўлишди.
Ушбу маскан Ўзбекистон Давлати Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги болалар церебрал фалажи ва асаб системаси перинатал патологияси билан оғриган беморларга малакали ташхисловчи-даволовчи, жарроҳлик ва тикловчи тиббий ёрдам кўрсатувчи ягона ихтисослашган муассаса ҳисобланади.
Эрта тонгдан шифохонада республикамизнинг турли гўшаларидан шифо истаб келган мурғак қалбларга катта байрам тадбири ташкил этилди. Касалхонада даволанаётган болажонлар томонидан ўзларидаги камчилик ва нуқсонларини сабот билан енгиб, ҳаётга бўлган қизиқишлари ҳамда интилишларини намоён этган ҳолда ижро этилган куй-қўшиқлари, рақслари тадбирга ташриф буюрган ота-оналарда қувонч ҳисини туйди.
Тадбир якунида курсантлар томонидан тақдим этилган турли-туман совғалар болажонларга байрам қувончини улашди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати