Тантанали руҳда ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, қатор вазирлик ва идоралар, олий таълим муассасалари вакиллари, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, соҳа фахрийлари ва профессор-ўқитувчилар, битирувчиларнинг ота-оналари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Саф майдонига Академия жанговар байроғи олиб кирилгач, таълим маскани раҳбари, полковник Рустам Хатамов битирувчилар ва уларнинг ота-оналарини қувончли сана билан муборакбод этди.
Бу йил Академиянинг кундузги таълим йўналишини “тезкор-қидирув фаолияти”, “тергов фаолияти”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “эксперт-криминалистика фаолияти”, “хизмат фаолиятини психологик таъминлаш фаолияти”, “йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш фаолияти” ҳамда “жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” мутахассисликлари бўйича 631 нафар курсант тамомлади. Ўтган уч йил мобайнида улар замонавий педагогик ёндашувлар, миллий ва хорижнинг илғор тажрибалари асосида билим олиб, касбий кўникмаларини мустаҳкамлаб бордилар. Машғулотлар Академия профессор-ўқитувчилари, ички ишлар органларининг тажрибали амалиёт ходимлари, шунингдек турдош олий таълим муассасаларининг малакали мутахассислари томонидан олиб борилди. Курсантлар учун ўқув жараёни давомида ҳудудий ички ишлар органларида иш ўрганиш амалиётлари ташкил этилди. Ўқув дастурлари бўйича улар Якуний давлат аттестация имтиҳонларини топшириб, малакавий диплом ишларини муваффақиятли ҳимоя қилдилар.
Битирув тадбирида ёш лейтенантларга дипломлар тантанали равишда топширилди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов табрик сўзида муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар органларини халқ манфаатларига хизмат қиладиган профессионал тузилма сифатида шакллантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталди.
Таъкидлаб ўтилганидек, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 15 аврелдаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5076-сон қарори билан тизим фаолияти тубдан ислоҳ қилинди. Ички ишлар вазирлиги академиясида бакалавриат ва магистратурани ўз ичига олувчи икки босқичли олий таълим тизими йўлга қўйилиб, таълим ва амалиёт уйғунлигини такомиллаштиришга қаратилган янги механизмлар жорий қилинди.
– Соҳадаги улкан ислоҳотлар Ватан тақдирига дахлдор, фидоий ва ташаббускор, ҳар томонлама профессионал янги авлод ички ишлар органи ходимларини тайёрлашга йўналтирилган. Сизлар ана шу масъулиятни доимо ҳис қилиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз курашиш йўлида бор куч-ғайратингизни сафарбар этишингиз, ички ишлар органи ходими деган шарафли номга муносиб бўлишингиз керак, – деди Ички ишлар вазири.
Тантанали тадбирда биритувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан ёшлар таълим-тарбияси йўлида қилинаётган кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этдилар. Она юртимизни мадҳ этувчи қўшиқлар янгради. Шундан сўнг ёш лейтенантлар тантанавор марш билан юриб, қадрдон ўқув даргоҳлари билан хайрлашдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати