Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ АКАДЕМИЯСИДА ХАЛҚАРО АНЖУМАН БЎЛИБ ЎТДИ

22 Ноябрь 2024, 08:11

230

Пойтахтимизда “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти соҳасидаги глобал чақириқлар ва таҳдидлар: замонавий стратeгия ва ечимлар” мавзуига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция ташкил қилинди.

Давлат органлари, дипломатик корпуслар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, соҳа мутахассислари, хорижий ва маҳаллий экспертлар иштирок этган анжуманда ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари С. Ортиқова, Олий суд раиси ўринбосари О. Исмоилов, БМТнинг мамлакатимиздаги доимий координатори С. Маҳл, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори А. Карттунен, АҚШ элчиси Ж. Хэник ва бошқалар сўз олди. Ҳозирги глобал шароитда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, замонавий таҳдидлар ва чақириқларни инобатга олган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини такомиллаштириш, турли форматларда халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Конференция ялпи мажлисида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Е. Коленко, Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Р. Хатамов, Беларусь Республикаси Тергов қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари О. Шандарович, Қозоғистон Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари академияси ректори М. Сексембаев ва бошқалар чиқиш қилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлашнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, бу борада хорижий ва миллий тажрибанинг ўзига хос жиҳатлари, интеграциялашув шароитида таълимнинг замонавий тенденциялари ва илғор ёндашувлари хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Конференция “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида фан ва таълим, сунъий интеллектни қўллашнинг долзарб масалалари”, “Тергов фаолиятини ташкил этишга янгича ёндашувлар: рақамли криминалистиканинг роли”, “Коррупцияга қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш: замонавий муаммолар ва тенденциялар”, “Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назорати самарадорлигини ошириш масалалари” мавзуларида ташкил этилган сессияларда давом эттирилди. Иштирокчилар халқаро ташкилотлар, шунингдек, Франция, Польша, Швеция, Малайзия ва МДҲ давлатлари олий таълим муассасалари экспертларининг маърузалари, конференция мақсадларига қаратилган таклиф ва тавсияларини тингладилар.

Халқаро анжуманда ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари ва курсантлари ҳам фаол қатнашдилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech