Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ҲУДУДИЙ ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ РАҲБАРЛАРИ УЧУН ЎҚУВ ЙИҒИНИ БОШЛАНДИ

14 Декабрь 2021, 09:12

1556

Ички ишлар вазирининг 2021 йил 6 декабрдаги фармойиши асосида туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари учун қисқа муддатли семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилмоқда. 

Ўқув йиғини олдидан ИИВ Академиясида вазирлик соҳавий хизматлари мутасаддилари, таълим муассасаси раҳбарияти, ҳамда туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда сўз олганлар ички ишлар органлари тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар, жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалиётга жорий қилинаётган самарали ёндашувлар, ички ишлар органлари тизими олдидаги долзарб вазифалар ижросини таъминлашда турли бўғин раҳбарларининг масъулиятини кучайтириш масалаларига тўхталиб ўтишди. 

– Барча соҳаларда бўлганидек, ички ишлар органлари тизимида ҳам фаолият самарадорлигини таъминлаш раҳбар кадрларнинг бошқарув салоҳиятига боғлиқ, – деди ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов. – Тизимдаги изчил ислоҳотлар жараёнида соҳани профессионал кадрлар билан таъминлаш, ходимларнинг касбий, маънавий-сиёсий ва бошқарув салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг ПҚ-5076-сон қарори билан тизимга “узлуксиз ўқув-карьера” жараёни жорий қилиниб, ички ишлар органлари раҳбар таркибининг тегишли лавозимларига тайинланиш учун Академия магистратурасида ўқиш шартлиги, ходимларга махсус унвонлар берилишининг ҳамда сафдор ва сержантлар таркибидаги ходимлар офицерлик лавозимларига тайинланишининг асосий талабларидан бири сифатида уларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиши зарурлиги белгиланди. 

Таъкидланганидек, семинар-тренинг машғулотларини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларининг бошқарув салоҳиятини ривожлантириш, ходимларда фаолиятни самарали ташкил этиш, стратегик вазифаларнинг ечими ва ижросини таъминлаш бўйича зарур кўникмаларни амалий шакллантиришдан иборатдир. 

Ўқув йиғинининг илк кунида машғулотлар икки шўъбага бўлинган ҳолда олиб борилди. Малакали профессор-ўқитувчилар томонидан ҳудудий ички ишлар органи бошлиғининг соҳавий хизматлар фаолиятини самарали ташкил этиш усуллари, замонавий таҳдидлар шароитида криминоген вазиятни башорат қилиш методологияси, раҳбар кадрларнинг омма онги билан ишлаш методлари, ички ишлар органларида бошқарув самарадорлигини оширишда рақамлаштиришнинг ўрни, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепциясининг мазмун-моҳияти, Жамоат хавфсизлиги концепциясининг устувор вазифалари, раҳбар кадрларнинг оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ишлаш техникаси мавзулари атрофлича ёритилди. 

Семинар-тренинг давомида айни масалада амалиётда учраётган айрим муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.

Шу куни семинар-тренинг иштирокчилари Академияда йўлга қўйилган инновацион таълим жараёнини кўздан кечириб, маънавий-маърифий ҳамда спорт секциялари фаолияти билан танишдилар.

Эслатиб ўтамиз, уч кун давом этадиган йиғин доирасида туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқлари Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Ангрен ва Бўстонлиқ туманлари ИИБда жамоат хавфсизлиги таъминлаш борасида жорий қилинган илғор тажрибаларни ўрганадилар. 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech