Юртимизда ёшларнинг муносиб билим олиши, миллий ва халқаро тажрибанинг илғор жиҳатларини ўрганиши, танлаган соҳасининг етук малакали вакили бўлиб етишиши учун барча имкониятлар яратилган.
Ҳозирда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги олий таълим муассасаларида юзга яқин ўзбекистонлик ёшлар ўқимоқда. Замон талаблари даражасида билим олаётган умидли ёшларимиз келгусида мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Ўқув курслари хорижда ўқиётган юртдошларимизни Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган стратегик ислоҳотлар билан яқиндан таништириш, уларнинг ҳарбий-ватанпарварлик фазилатлари, айниқса жамиятимизда кечаётган янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш мақсадида ташкил этилди.
Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилаётган машғулотлар жараёнида тингловчилар долзарб мавзуларда маъруза тинглаб, тажрибали мутахассислар билан яқиндан фикр алмашиш имконига эга бўлмоқдалар. Бундан ташқари, касбий тайёргарликни оширувчи амалий машғулотларда иштирок этиб, пойтахтимиздаги ички ишлар органлари фаолияти билан яқиндан танишмоқдалар. Уларнинг маданий-маърифий ҳордиқ олишлари учун ҳам тадбирлар ўтказилмоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати