Янги йил яқинлашгани сайин байрамни кўтаринки руҳда нишонлаш тараддуди бошланади.
Байрам муносабати билан ИИВ академияси ходимлари, ушбу масканда таълим олаётган курсант ва тингловчилар учун озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил қилинди.
Ярмаркада юртимизда етиштирилган мева-сабзавотлар, сархил ичимликлар, озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотлар савдога қўйилди. Нархларнинг маҳаллий бозорларга нисбатан арзонлиги, маҳсулотларнинг пешма-пеш етказиб берилгани харидорларга қулайлик яратди.
– Расталарга қўйилган хилма-хил нозу неъматлар чинакам Янги йил шукуҳини бағишлади. Байрам дастурхонимиз учун зарур масаллиқлардан олдик. Ҳам вақтимиз, ҳам харажатимиз тежалди, – дейди Жиноят ҳуқуқи кафедраси профессори, подполковник Дилрабо Каримова.
Кун давомида фаолият кўрсатган ярмаркада гўшт, балиқ маҳсулотлари, маҳаллий тадбиркорлар томонидан тақдим этилган рўзғорбоп маҳсулотларга эҳтиёж юқори бўлди. Муҳими, жамоа аъзолари уларни ҳамёнбоп нархларда сотиб олди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати