Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ҲАМКОРЛИКНИНГ МУҲИМ ЙЎНАЛИШЛАРИ ЮЗАСИДАН ФИКР АЛМАШИЛДИ

07 Декабрь 2022, 08:12

794

Айни кунларда Тожикистон Республикаси ИИВ Ўқув маркази бошлиғи, полковник Додобек Назирбеков мамлакатимизда меҳмон бўлиб турибди.

Қўшни мамлакат вакили Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти билан яқиндан танишди. Юртимиз меҳмони ўқув даргоҳининг янгиланаётган қиёфасини кўздан кечирар экан, таълим жараёнига татбиқ қилинган инновацион ёндашувларни алоҳида эътироф этди. Ихтисослашган ўқув мажмуалари, интерфаол машғулот заллари, ватанпарварликни тарғиб қилувчи хоналар, айниқса касбий ва жанговар-жисмоний тайёргарликни юксалтиришга қаратилган тизимли ишлар тожикистонлик меҳмонда ёрқин таассурот қолдирди.

Бугунги шароитда ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш жараёни мутлақо янгича ёндашувни тақозо этмоқда. Тизим фаолиятини замон талаблари асосида ташкил этишда замонавий таълим, айниқса назария ва амалиёт уйғунлигининг аҳамияти беқиёс. Тожикистон Республикаси ИИВ Ўқув маркази бошлиғи мутахассислик йўналишлари курсантлари учун ташкил қилинган ўқув тезкор-тергов гуруҳи фаолияти билан танишув жараёнида таълимнинг ўзига хос механизмларига юқори баҳо берди.

Шу куннинг ўзида ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Хатамов иштирокида учрашув ҳам бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Додобек Назирбеков икки давлат муносабатлари азалий дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналари асосида юқори суръатда ривожланаётганини алоҳида эътироф этди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Тожикистон ўқув муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, таълим, илмий тадқиқот ҳамда маданий-маърифий йўналишларда ўзаро тажриба алмашинувини кенгайтириш, кадрлар тайёрлашнинг замонавий йўналишларини оммалаштириш борасида қизғин мулоқот қилинди. Томонлар ўзаро алоқаларни барқарор суръатда ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Тожикистонлик меҳмоннинг мамлакатимизга ташрифи давом этмоқда.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech