Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ҳамкорликни янада ривожлантиришга ишонч билдирилди

01 Февраль 2024, 10:02

839

Ички ишлар вазирлиги академиясига Туркия Республикаси элчихонасининг ички ишлар масалалари бўйича маслаҳатчилари Семиҳ Окяр ва Мурат Карауста ташриф буюрди.

Меҳмонларнинг академия фаолияти билан танишуви ахборот-ресурс марказидан бошланди. Маърифат масканининг ўзига хос қиёфаси, инновацион имкониятлари, манбалар фонди, айниқса буюк саркарда боболаримиз шарафига барпо этилган мажмуалар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Семиҳ Окяр жаҳон цивилизация ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш ва ёш авлодга етказиш йўлидаги эзгу ишларга юқори баҳо берди.

Шундан сўнг туркиялик мутахассислар замонавий инфратузилма объектларини кўздан кечирдилар. Меҳмонларга бакалавриат ва магистратура босқичида йўлга қўйилган илғор ёндашувлар, ўқув даргоҳининг илмий салоҳияти, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли тадбирлар ҳамда истиқболдаги лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.  

Ташриф давомида икки томонлама ҳамкорликни фаол ривожлантиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Академия бошлиғи Рустам Хатамов меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқалар ҳар жабҳада юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

– Туркий тилда сўзлашувчи халқларимиз муносабатида янги давр бошланганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бунга, аввало, икки мамлакат раҳбарларининг  дўстона муносабати, қатъий иродаси ва узоқни кўзлаган оқилона сиёсати туфайли эришилди, – деди у.

Семиҳ Окяр сўз олиб, илдизлари муштарак халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик ришталарни юксак даражада қадрлашини билдирди.   

– Ўзбекистондаги янгиланишларни доим мамнуният ва ғурур билан қабул қиламан. Ҳамкорликнинг бугунги босқичи барчамизни хурсанд қилмоқда. Самимий руҳда ўтаётган учрашувимиз келгусидаги устувор масалаларни амалга оширишга йўл очиши, шубҳасиз. Шуни алоҳида таъкидлашни истардим, қардош дўстларимиз учун мулоқот ва ҳамкорликка ҳамиша тайёрмиз, – деди Семиҳ Окяр.  

Ўз навбатида, Мурат Карауста икки мамлакатнинг турдош олий таълим муассасалари ҳамкорлигини фаол ривожлантиришдан мамнун эканини таъкидлади.

Самимий руҳда ўтган учрашувда асосий эътибор таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, манфаатли йўналишларда тажриба алмашинувини кенгайтириш, бу борада барча имкониятлардан оқилона фойдаланиш, икки мамлакат ёшлари учун истиболли дастурларни татбиқ этиш, ҳамкорлик битимларида назарда тутилган тадбирларни изчиллик билан амалга ошириш масалаларига қаратилди. Фаол фикр алмашинувидан сўнг томонлар муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга ишонч билдирдилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech