Ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари ўртасида ўтказилаётган футбол мусобақасида совринли ўрин эгалари деярли маълум бўлиб улгурди.
Кеча мусобақанинг 4-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Марказий учрашув ИИВ Академияси ва Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти футболчилари ўртасида кечди. Мазкур учрашув мухлислар томонидан “финал олдидан финал” дея баҳоланаётган эди. Боиси, ҳар икки жамоанинг очколари тенг, фақат тўплар нисбатига кўра ИИВ Академияси жадвалда пешқадам бўлиб турганди.
Учрашув шиддатли руҳда ўтди. Биринчи бўлим мезбонларнинг комбинацион ҳужумлари, рақиб жамоа вакилларининг қўпол ўйинлари билан ёдда қолди. Тўлиқ имконият билан тўп тепган футболчиларимиз таймни 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан тугатдилар. Иккинчи таймда “танк”чилар бош мураббийи томонидан бир қатор тактик ўзгартиришлар амалга оширилди. Натижада жамоамиз жарима майдони атрофида хавфли вазиятлар юзага кела бошлади.
Бироқ ҳимоядаги тартибли ўйин, майдон марказидаги устунлик ва тезкор қарши ҳужумлар охир-оқибат ўз самарасини кўрсатди. Моҳир голеадоримиз Хайрулла Азимхўжаевнинг зарбаси ўйиндаги ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Мазкур голнинг рақибларимиз ҳавсаласини пир қилгани ўйин шиддатига ҳам таъсир қилмай қолмади. Икки вазиятда футболчиларимиз зарбаси тўсинга теккан бўлса, яна бир вазиятда рақиб посбони ўз жамоаси жонига оро кирди. Асабий руҳда кечган ўйин охирига қадар ҳисоб бошқа ўзгармади.
Турнинг иккинчи баҳсида Давлат хавфсизлик хизмати академияси футболчилари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясига қарши майдонга тушди. Учрашувда Давлат хавфсизлик хизмати академияси жамоаси муҳим ғалабани қўлга киритиб, очколари сонини 6 тага етказди. Ниҳоят, сўнгги баҳсда Жамоат хавфсизлиги университети ва Божхона институти жамоалари куч синашди. Голларга бой ўтган ўйин Жамоат хавфсизлиги университети футболчиларининг 5:2 ҳисобидаги муваффақияти билан якун топди.
Эртага турнирнинг сўнгги учта ўйини ва мусобақа совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати