Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари ўртасида “Ёшлар – Учинчи Ренессанс драйверлари!” шиора остида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг Мирзо Улуғбек тумани бўлими билан ҳамкорликда “Заковат” интеллектуал клуби нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ташкил этилган беллашувда 25 та жамоа ғолиблик учун баҳслашди.
Тадбир очилишида сўзга чиққанлар юртимиз ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, келажагимиз ворисларининг билим салоҳияти ва маънавий дунёқарашини юксалтириш, юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, айниқса иқтидор эгаларининг интилишини рўёбга чиқаришда бу каби беллашувлар муҳим туртки бўлишини таъкидлаб ўтдилар.
Интеллектуал ўйинда курсантларга жами 24 та савол йўлланди. Қизғин баҳс-мунозара ва рақобат остида ўтган беллашув якунида биринчи ўрин 3-ўқув курсининг 6-отряд жамоасига насиб этди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ҳамда китоблар жамланмасидан иборат эсдалик совғалари билан тақдирланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати