20 июнь куни Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA) Ижроия кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ижроия кенгаш аъзолари, шу жумладан, ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов, ташкилотга қабул қилинган таълим муассасалари вакиллари, халқаро эксперт ва мутахассислар қатнашди.
Йиғилишни Ассоциация раҳбари, Туркия миллий полиция академияси президенти Мурат Балчи очиб берди.
Иштирокчилар жаҳонда рўй бераётган геосиёсий ўзгаришлар фонида глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ташкилотга аъзо таълим муассасалари ўртасида ишончли ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш, манфаатли алоқаларни кенгайтириш, замонавий таҳдидлар ва минтақавий муаммоларнинг мақбул ечимларини ишлаб чиқишга, бу борада таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратдилар.
Сўзга чиққанлар дунёнинг турли бурчакларида зиддиятлар авж олаётган, терроризм, экстремизм, диний радикализм, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа трансмиллий хавф-хатарлар таъсири кучайиб бораётган ҳозирги шароитда мунтазамлик касб этган мулоқот форматини кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар.
Йиғилишда INTERPAнинг устувор мақсад ва тамойилларини амалга ошириш йўлидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, ўтган давр мобайнида биргаликда эришилган натижалар, келгусидаги режалар юзасидан фикр алмашилди. Шимолий Македония, Индонезия, Саудия Арабистони, Қатар, Мальдив ва бошқа давлатлар таълим муассасалари раҳбарларининг чиқишлари тингланди.
ИИВ академияси бошлиғи Р. Хатамов ўз нутқида INTERPA халқаро нуфузга эга ташкилот сифатида ҳамкор таълим муассасалари ўртасида ўзаро алоқаларни ривожлантириш ва тажриба алмашинувини кучайтириш йўлида самарали фаолият юритаётганини, ташкилот Ижроия кенгаши йиғилишлари ва конференциялари ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги энг долзарб масалаларни қамраб олаётгани билан муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади. Бугунги глобаллашув даврида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар ва турдош олий таълим муассасалари таълим олувчиларининг касбий салоҳиятини ошириб бориш муҳимлигини қайд этди.
Йиғилиш давомида INTERPAнинг навбатдаги тадбирлари ва ҳамкорлар ўртасида муҳокама қилинадиган масалалар юзасидан ахборот берилди. Шу куни Ижроия кенгаш йиғилиши якунлари бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Томонлар глобал масалаларда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, манфаатли келишувларни ҳаётга татбиқ этиш орқали мавжуд имкониятларни кенгайтириш, таълим соҳасида ўзаро интеграцияни кучайтириш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга келишиб олдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси вакиллари 21 июнь куни Мўғулистон ҳарбий ва ички ишлар тузилмалари тасарруфидаги олий таълим муассасаларининг битирув тадбирида қатнашди. Тантанали маросимда INTERPA меҳмонлари билан бирга, мамлакат ҳукумати аъзолари ва давлат органлари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Жамшид Холов,
ИИВ академияси Ахборот хизмати