Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ЭНГ ФАОЛ КИТОБХОНЛАР ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИ ТОМОНИДАН РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ

03 Ноябрь 2022, 08:11

889

Пойтахтимизда “TASHKENT BOOK FEST – 2022” III Тошкент халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси давом этмоқда. Тадбирнинг иккинчи куни қизиқарли учрашув ва мулоқотлар, янги китоблар тақдимотига бой ўтди.  

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус асосида жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтириш, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш мазкур тадбирнинг асосий мақсадидир.

– Китобхонлик юртимизда умуммиллий ҳаракатга айланиб бормоқда, – дейди ИИВ Академиясининг Тарбиявий ишларни ташкил этиш бўлими бошлиғи, майор Фарҳод Тоштемиров. – Жамиятнинг маънавий қиёфаси адабиётга, китоб мутолаасига бўлган эътибор билан ўлчанади. Сўнгги йилларда ички ишлар органлари тизимида ҳам китобхонликни оммалаштириш орқали соҳа ходимларининг касбий фазилатларини юксалтиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бугунги тадбир аҳоли орасида китобхонлик маданиятини ошириш йўлида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси бўлди.       

 Кўргазма-ярмаркада нафақат маҳаллий, балки хорижий нашриётлар томонидан чоп этилган китоб маҳсулотлари, турфа хил ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари намойиш қилинди. Қувонарлиси, Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан тизимда хизмат қилаётган ўттиз нафар ёш китобхонга бир миллион сўмлик китоблар жамланмаси топширилди.

– Китоб ярмаркасидан улкан маънавий озуқа олдим. Чунки китоб  – инсоннинг энг содиқ дўсти, тафаккуримиз қаноти. Буюк аждодларимиз ҳам илм-маърифатга, китоб ўқишга интилиб, юксак чўққиларга эришганлар. Тадбирда энг фаол китобхонлар қаторида Ички ишлар вазири томонидан совға қилинган энг сара асарларга сазовор бўлдим. Бу ишонч билим олиш йўлида катта куч ва ғайрат бағишлайди, – дейди ИИВ Академиясининг 3-босқич курсанти Ҳусния Умрзоқова. 

Халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси 4 ноябрь куни ўзи ишини якунлайди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech