Бугун ИИВ Академиясида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Тошкентдаги ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда ўзаро ҳамкорлик доирасида амалга оширилган лойиҳалар ва истиқболдаги режалар ҳақида фикр алмашилди. Томонлар икки томонлама алоқаларнинг изчил ривожланиб бораётганини юқори баҳолаб, глобал таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда “ўзаро ёрдам” тамойили асосида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш тарафдори эканликларини билдирдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон халқаро муносабатларда фаол ташқи сиёсатни йўлга қўйиб, хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни изчил ривожлантирмоқда. Мамлакатнинг прагматик, аниқ ва конструктив ташқи сиёсати халқаро экспертлар ва кузатувчилар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилмоқда.
ЕХҲТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси миллий маслаҳатчиси Юрай Носалнинг қайд этишича, халқаро ташкилот Ўзбекистоннинг Янги тараққиёт стратегияси мақсадларига мос келадиган лойиҳаларни фаол амалга оширишда яқин ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди.
Учрашувда ЕХҲТнинг таълим муассасаси билан алоқаларини жадаллаштириш, замонавий таҳдидлар, хусусан, халқаро терроризм ва трансмиллий жиноятларга қарши курашиш, киберхавфсизликни таъминлаш каби йўналишларда тажриба алмашиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун профессионал кадрлар тайёрлаш, хорижий малакали мутахассислар иштирокида семинар-тренинг машғулотлари ўтказиш ҳамда илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
ИИВ Академияси вакиллари томонидан қатор муҳим йўналишларда янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан ташаббуслар билдирилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати