Маълумотларга кўра, 2023 йилда республикамиз йўлларида 9839 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 16 миллиондан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган. Бу рақамларни кескин камайтириш учун қандай чора-тадбирларни амалга ошириш лозим?
Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтган илмий-амалий анжуманда айни масалалар муҳокама қилинди. Унда бир қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари, мутахассислар, олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Академия бошлиғи ўринбосари Турғун Кучкаров сўз олиб, йўлларда ҳаракат хавфсизлиги таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар, йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари, уларнинг олдини олиш масалаларига тўхталди. Илмий-амалий анжумандан кўзланган мақсад тизимдаги муаммоларнинг ечимларига қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш эканлиги таъкидланди.
Тадбирда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши, Тошкент давлат транспорт университети, Республика суд экспертизаси маркази, Тошкент Кимё халқаро университети ҳамда ИИВ академияси вакиллари сўзга чиқди. “Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш муаммолари”, “Ахборот технологияларини татбиқ қилиш орқали йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш”, “Ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш”, “Яшил келишув доирасида барқарор транспорт” ва бошқа мавзуларда маърузалар тингланди. Соҳа мутахассисларининг фикр-мулоҳазалари асосида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Шунингдек, анжуман доирасида иштирокчилар кўргазма фаолияти билан танишдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати