Инсон учун ўз она Ватани, унинг тимсоллари азиз ва мўътабар саналади. Давлат байроғимиз нафақат мустақиллик рамзи, балки тинчлик, фаровонлик, барқарор тараққиётимиз кафолатидир.
ИИВ Академиясида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллиги кўтаринки руҳда нишонланди.
Тантанали тадбир муносабати билан саф майдони узра юртимиз мадҳияси янгради. Ғурур ва ифтихоримиз рамзига айланган, курраи заминимизнинг турли нуқталарида мағрур ҳилпираётган муаззам байроғимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги беқиёс ўрни эътироф этилди. Янги Ўзбекистонда кечаётган улкан янгиланишлар жараёнида давлат размлари ёш авлодни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Курсантлар шахдам одимлар билан юриб, байроғимизга бўлган чексиз ҳурмат ва ифтихор туйғуларини намоён этдилар.
Академия маънавият ва маърифат марказида бўлиб ўтган тадбирда истиқлолнинг дастлабки йиллари давлат байроғимизни қабул қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлида қилинган саъй-ҳаракатлар, миллий тимсолимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати, ундаги ранг ва тасвирларнинг маъно-мазмуни ҳақида мулоҳазалар айтилди.
Тадбир байроғимиз ҳақида қизиқарли маълумотлардан тайёрланган викторина ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг Ватанни мадҳ этувчи шеърлари, куй ва қўшиқлар билан давом этди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати