Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Сурайё Раҳмонова ИИВ академиясида таълим олаётган магистратура тингловчилари билан мулоқот қилди.
Учрашувда соҳага оид миллий қонунчилик, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда давлат органларининг асосий вазифалари, болаларга нисбатан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чоралари хусусида сўз борди.
Сурайё Раҳмонова мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, кейинги йилларда амалиётга жорий қилинган илғор тажриба ва механизмлар, бу ўринда Болалар омбудсмани институтининг фаолиятига тўхталди. Соҳага давлат сиёсатининг устувор йўналишлари қаторида эътибор қаратилаётгани келажак авлодларни соғлом ва баркамол вояга етказишда мустаҳкам пойдевор бўлаётгани айтилди.
Мулоқот давомида ички ишлар органларининг бола ҳуқуқларини таъминлашдаги ўрни, болаларга нисбатан содир этилаётган тазйиқ ва зўравонликларга барҳам бериш, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, вояга етмаганлар назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлигининг барвақт олдини олиш, бу борада ечимини кутаётган айрим масалалари юзасидан фикр алмашилиб, тингловчиларга тавсиялар берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати