Ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш тизими замонавий талаблар асосида ташкил этилмоқда. Ўқитишнинг илғор ёндашувлари, назария ва амалиёт уйғунлигига қаратилган янгича механизмлар таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
ИИВ Академиясида курсантларнинг битирув маросимига бағишлаб ўтказилган тадбирда айни жиҳатлар алоҳида таъкидланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати ва бошқа давлат органлари вакиллари, Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, турдош олий таълим муассасалари мутасаддилари, соҳа фахрийлари, шунингдек Академия профессор-ўқитувчилари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Саф майдонига Академия жанговар байроғи олиб кирилгандан сўнг ўқув даргоҳи раҳбари, полковник Рустам Хатамов барчани қизғин муборакбод этди. Тадбир давомида кундузги таълимни 7 та ихтисослик йўналиши бўйича тамомлаган 600 нафардан ортиқ битирувчига дипломлар топширилди. Улар орасидан 24 нафар курсант имтиёзли диплом, яна 2 нафари “катта лейтенант” махсус унвони билан тақдирланди.
Тадбирда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Шавкат Раҳмонов, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов сўз олиб, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида халқпарвар ижтимоий давлат барпо этиш, жамиятда инсон қадрини улуғлаш ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган изчил ислоҳотлар, энг аввало, эзгу мақсад билан ҳаётга кириб келаётган ёшлардан улкан масъулият ва салоҳият талаб этишини таъкидлаб, шарафли хизматга йўл олаётган ёш ходимларга муваффақият тиладилар.
– Биз, битирувчилар давлатимиз раҳбарининг “Одамлар ички ишлар органларининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак” деган даъватларини доимо ёдда тутиб, она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишга, профессионал жиҳатдан ўсиб, халқпарвар ички ишлар органи ходими сифатида буюк аждодларимизга муносиб издош бўлишга ҳаракат қиламиз, – деди сафдошлари номидан минбарга кўтарилган лейтенант Севдиёр Абдуназаров.
Кўтаринки руҳда ўтган тадбир барча ота-оналар қатори Муҳайё Содиқовага ҳам унутилмас таассуротлар улашди. Унинг фарзанди Малика Ўрмонова таълим муассасасини “имтиёзли” диплом билан тамомлаб, шарафли йўл сари илк қадамини ташлади. “Қизимнинг баркамол шахс сифатида шаклланишида, эришган кўплаб ютуқларида, матонатли ходим бўлиб етишишида бу даргоҳнинг ўрни беқиёс. Мен унга таълим берган барча устозларига миннатдорлик билдираман. Ишончим комилки, ёшларимиз давлатимизнинг юксак эътибори ва ғамхўрлигини ҳис қилиб, зиммаларидаги улкан вазифани муносиб оқлайдилар”, деди у.
Тадбир она юртимизни мадҳ этувчи қўшиқ ҳамда битирувчиларнинг тантанавор марши билан якунланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати