Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Билим, мақсад ва шижоат намоён этиладиган жараён

04 Июль 2023, 09:07

2197

Айни кунларда ИИВ Академиясида “Абитуриент – 2023” имтиҳонлари бўлиб ўтмоқда. Жорий йил 3 мингга яқин номзод таълим муассасасининг кундузги таълим бакалавриатида ўқиш истагини билдириб ҳужжат топширган.

Кириш имтиҳонлари 2 босқичда – махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат тарзида амалга оширилмоқда. Дастлабки босқичда ҳар бир номзоднинг саломатлик ҳолати, ёзма нутқи ва саводхонлиги, хорижий тиллардан бирини қай даражада ўзлаштиргани ҳамда умумжисмоний тайёргарлиги синовдан ўтказилмоқда. Юқоридаги синовлардан етарли балларни қўлга киритган номзодлар эса ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон тарихи ва тарбия фанларидан ўтказилаётган якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилмоқда.

Айтиш жоизки, имтиҳон жараёнларини шаффоф ўтказиш мақсадида номзодлар учун махсус рақамланган карточкалар жорий қилинган. Яъни ҳар бир номзод имтиҳонни мазкур карточка орқали топширади ва унинг шахсига доир маълумотлари ошкор қилинмайди. Жараён якунида эса улар олган баллар ўқиб эшиттирилади. Имтиҳонлар ИИВ соҳавий хизматлари, етакчи олий таълим муассасалари мутахассислари ҳамда Академия профессор-ўқитувчилари томонидан қабул қилинмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, тиббий кўрикдан якуний суҳбатгача бўлган барча босқичлар онлайн вақт режимида видеотасвирга туширилмоқда. Бу эса натижадан кўнгли тўлмаган номзодларнинг мурожаатларини холисона кўриб чиқишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий ўқув йилида Академиянинг кундузги таълим бакалавриатига 7 та – “тезкор-қидирув фаолияти”, “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти”, “эксперт-криминалистика фаолияти”, “жазони ижро этиш фаолияти”, “хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш”, “ташкилий-штаб фаолияти” ҳамда “пробация фаолияти” ихтисослик йўналишлари бўйича номзодлар қабул қилинади.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech