Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган “Нурли маскан” мактаб-интернатида спорт мусобақаси ўтказилди.
Ички ишлар вазирлиги академиясининг Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган мусобақада юз нафардан ортиқ ўқувчи қатнашди. Иштирокчилар дзюдо, югуриш, узунликка сакраш ва шашка баҳслари бўйича куч синашдилар.
Мусобақа регламентига кўра, совриндорлар ўғил болалар ва қизлар ўртасида аниқланди. Жумладан, дзюдо баҳсларида Асадбек Ҳусанов (55 кг), Нурдаулет Умрзовоқ (+55 кг), Севинч Ҳикматова фахрли биринчи ўринни эгаллаган бўлса, 60 метр масофага югуриш беллашувида Шерзод Мингбоев ва Элнора Раҳимжоновага тенг келадиган рақиб топилмади. Узунликка сакраш бўйича ғолиблик Мираббос Миржамолов ва Нигора Ёқубжоновага, шашка баҳсларида эса Сирожиддин Жабборов ҳамда Ойдин Мусаралиевага насиб этди.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида мактаб-интернат директори Рустам Сафаров, ИИВ Академиясининг Тарбиявий ишларни ташкил этиш бўлими бошлиғи, майор Фарҳод Тоштемиров ва бошқалар сўз олиб, “Инсон қадри учун” тамойили асосида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг таълим олиши ҳамда жамиятга мослашувига кўмаклашиш мақсадида яратилаётган шарт-шароитларни эътироф этиб ўтишди.
Мусобақа иштирокчилари медал, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан бир гуруҳ ўқувчи ёшларга ИИВ Академиясининг эсдалик туҳфалари топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати