19 июль куни Бангладеш Халқ Республикаси Қуролли Кучлари Миллий мудофаа адмирали Мохаммад Мойенул Ҳақу бошчилигидаги делегация ҳамда Бангладеш Халқ Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси ва консуллик ваколатхонаси вакиллари Ички ишлар вазирлиги академияси фаолияти билан яқиндан танишди.
Дастлаб Бангладеш Халқ Республикаси Қуролли Кучлари Миллий мудофаа адмирали Мохаммад Мойенул Ҳақу ва Академия бошлиғи Рустам Хатамов ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида икки давлат муносабатларининг устувор жиҳатларига эътибор қаратилди.
Академия бошлиғи мартабали меҳмонни қутлар экан, мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳалар сингари ички ишлар органларида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, айниқса тизим учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда мутлақо янги механизмлар жорий этилиб, кадрлар тайёрлаш сифати юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Адмирал Мохаммад Мойенул Ҳақу самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, юртимиздаги ўзгаришлар ва янгиланишларни юксак баҳолаб, улкан ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бераётганини таъкидлади.
Шундан сўнг меҳмонлар Ички ишлар вазирлиги академиясида амалга оширилаётган янгиланишлар билан танишдилар. Миллий меъморчилик анъаналари асосида қад ростлаган Маънавият ва маърифат маркази, ўтмиш ва замон нафаси уфуриб турган Академия тарихи музейи меҳмонларда юқори таассурот қолдирди. Делегация вакилларига таълим даргоҳининг тарихи ва ривожланиш даврлари, сўнгги йилларда билим маскани ҳаётида рўй берган улкан ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Адмирал Мохаммад Мойенул Ҳақу музейнинг фахрий меҳмонлар китобига самимий тилакларини ёзиб қолдирди.
Назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш, интерфаол метод ва янгиликларни оммалаштириш замонавий таълимнинг ўзига хос хусусиятлари саналади. Делегация вакиллари сайёр синфхона ҳамда криминалистик экспертизаларни ўтказиш учун махсус жиҳозланган автобусларни кўздан кечиришди. Курсантларнинг жиноят содир бўлган жойда амалиёт ходимлари иштирокида касбий кўникмаларини ошириб боришлари йўлга қўйилганлиги хорижий ҳамкорларимизда катта қизиқиш уйғотди. Академиянинг Жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедрасида шахсий таркибнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шарт-шароитлар меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Бангладеш делегацияси аъзолари Ахборот-ресурс марказида яратилган шароитлар билан таништирилиб, “Буюк соҳибқирон Амир Темур” ҳамда “Турон қоплони Жалолиддин Мангуберди” синфхоналари курсантлар қалбида миллий руҳ, она Ватанга меҳр ва садоқат, адолат туйғуларини яна кучайтириш, буюк аждодларимиздан фахрланиш ҳиссини юксалтириш, ёшларнинг мардлик, жасурлик ва фидойилик фазилатларини шакллантириш мақсадида барпо этилгани уларнинг юксак эътирофларига сазовор бўлди.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарининг қарорлари асосида ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрлаш мақсадида таълим жараёнида йўлга қўйилган янги механизмлар тақдимот тарзида намойиш этилди.
Шунинг билан Бангладеш Халқ Республикаси Қуролли Кучлари Миллий мудофаа адмирали Мохаммад Мойенул Ҳақу раҳбарлигидаги делегация аъзоларининг ИИВ Академиясига амалга оширган ташрифи ниҳоясига етди.
ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати