Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Баҳодир Жалолов: ЧЕМПИОН БЎЛИШГА ВАЪДА БЕРГАНДИМ ВА БУНИ УДДАЛАДИМ

04 Ноябрь 2023, 06:11

1245

ИИВ Академиясида икки карра Жаҳон чемпиони, Токио олимпиадаси ва Осиё ўйинлари ғолиби, қитъамизнинг тенгсиз боксчиси Баҳодир Жалолов билан учрашув бўлиб ўтди.

Курсант ёшлар, профессор-ўқитувчилар, бокс мураббийлари ва ишқибозлари иштирок этган тадбирда дунёни лол қолдираётган ўзбек баҳодири ўз ҳаёти, ютуқлари, орзу-ҳаваслари, Осиё ўйинларидаги зафарли одимлари билан ўртоқлашди.

– Болалигимда футболчи бўлишни орзу қилардим. Спортнинг бокс турини танлашимда отам сабабчи бўлганлар. Илк ютуғимни қўлга киритганимда уларнинг тўғри йўл кўрсатганларига амин бўлганман. Бунинг учун отамдан миннатдорман. Улкан мақсадларни кўзлаганман ва уларга бирма-бир эришаяпман. Муваффақиятларим замирида давлатимиз томонидан боксни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор, шахсан Президентимизнинг ғамхўрлигини доим ҳис қилиб тураман, – деди Баҳодир.

Маҳоратли спортчи бокс сир-асрорлари, маҳоратни ошириб бориш йўллари, устоз ва мураббийларидан олган сабоқлари, айниқса юрт шаънини ҳимоя қилиш масъулияти, жаҳон ареналарида рингга кўтарилганда қалбидан ўтадиган кечинмалари ҳақида сўзлаб берди.

– Ҳар бир спортчи учун ўз Ватани шаънидан улуғ нарса бўлмайди, – деди у. –  Мусобақаларда ғалаба қозониб, байроғимиз кўтарилганда қалбим чексиз ғурур ва ифтихорга тўлади. Тўғри, фаолиятимда мағлубиятга учраган пайтларим ҳам бўлган. Лекин бу ҳеч қачон мени тўхтата олмаган. Чунки ортимда халқимиз, онам ва яқинларим қўллаб турганини биламан. Уч йил олдин Академияга келганимда Токио олтин медалини қўлга киритишни ваъда қилгандим ва бунга эришдим. Эндиги мақсадим профессионал боксда жаҳон чемпиони бўлиш ва Париж олимпиадасида ғолиб бўлиш.

Учрашув қизиқарли савол-жавоблар билан давом этди. Энг фаол курсантлар чемпион дастхати туширилган спорт анжомларига сазовор бўлди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech