Ички ишлар вазирлиги академиясида ўтказилган илмий-амалий анжуман “Айбга иқрорлик бўйича келишув институтини қўллаш амалиёти” мавзусига бағишланди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси, Яшнабод тумани прокуратураси ва Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасидан вакиллар, шунингдек ИИВ Академияси профессор-ўқитувчилари, магистратура тингловчилари ҳамда кундузги таълим бакалавриати курсантлари иштирок этди.
Бугун жаҳон амалиётида айбга иқрорлик институти кенг қўлланиб келинмоқда. Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимидаги изчил ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон қонунчилигида ҳам мазкур институт жорий қилинди. Мутахассисларнинг фикрича, айбга иқрорлик институтининг ўзига хос самарали жиҳатлари борки, бу ўзаро зиддиятда бўлган томонлар муносабатларининг тез орада юмшаши, айбланувчи ёки судланувчининг айбига иқрорлик билдиришга тайёрлиги, жазони ўтай бошлаши, судлов ва айблов органларининг вақт ва маблағлари тежалиши ҳамда айблов органлари ўз вақтини оғир жиноятларни очишга қаратиши ва судларда жиноят ишларини кўрилишининг камайишида намоён бўлади.
Илмий-амалий анжуман иштирокчилари қонунчилигимизни янада такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини миллий амалиётга самарали жорий этишга хизмат қилаётганини эътироф этдилар.
Таъкидланганидек, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг бош мақсади – давлат айбловчисининг айбланувчини содир этган жинояти юзасидан иқрорлиги асосида судда енгилроқ жазо тайинланишига эришиш, шу билан бирга, кўплаб сансалорликларга сабаб бўладиган узоқ давом этувчи суд жараёнларини қисқартиришдир. Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув, жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган шахс ва прокурор билан тузилади. Бунда гумонланувчи ёки айбланувчи жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган бўлиши лозим.Бундай келишувлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузилади.
Анжуманда қонунчиликдан ўрин олган ушбу институтнинг афзалликлари, уни қўллаш борасида амалиётдаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари ҳамда соҳани такомиллаштириш истиқболлари юзасидан таклиф ва тавсиялар ўртага ташланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати