ИИВ Академиясининг Автомактаблар ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказида ўқув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Жорий йилнинг 27 март кунидан қайта тайёрлаш курсларининг иккинчи босқичи бошланди. Машғулотларга республикамизнинг барча ҳудудларидан 800 нафарга яқин ўқитувчи ва ҳайдовчи-йўриқчилар жалб қилинган.
Ўқув жараёнлари ИИВ Академияси, Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети сингари етакчи таълим муассасаларининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда. Тингловчилар “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш методикаси”, “Автотранспорт воситаларини хавфсиз бошқариш ва ҳаракат хавфсизлиги асослари”, “Йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлили, келиб чиқиш сабаблари ва профилактикаси”, “Ҳайдовчи маданияти” ва бошқа фанлардан зарур билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишмоқда.
Икки ҳафталик машғулотлар 72 соатни ташкил этиб, тингловчилар тест шаклида оралиқ ва якуний назорат имтиҳонларини топширадилар. Ўқув курсини муваффақиятли тамомлаганларга эса диплом берилади.