ИИВ академияси бошлиғи Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида ташкил этилаётган амалиёт жараёнлари билан танишди.
Ҳозирги глобаллашув шароитида сифатли таълимга, хусусан, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга талаб юқори. Дуал таълим тизими айни жиҳатлари билан ёшларнинг касбий кўникмаларини шакллантириб боришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, жорий ўқув йилидан академияда ҳам дуал форматда кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ҳафта давомида пойтахт ички ишлар органларида ташкил этилаётган амалиётлар курсантларни танлаган ихтисослигининг етук малакали мутахассиси бўлишида пухта замин яратмоқда.
Академия бошлиғи амалиёт машғулотлари билан танишиш чоғида масъуллар билан суҳбатлашди. Айрим ходимлар кундалик фаолияти давомида турли ҳолатларга, айниқса фуқаролар ва ОАВ вакиллари билан мулоқот қилишда муаммоларга дуч келаётгани, шундан келиб чиқиб курсантлар билан ишлашда уларнинг ностандарт шароитларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
“Бугунги кунда жиноятчиликнинг янги кўринишлари пайдо бўлмоқда. Амалиёт фақат назарий билимларни мустаҳкамлаш билан чекланиб қолмаслиги, курсантларимиз ҳудудларнинг криминоген вазияти билан яқиндан танишиб, жиноятчиликка қарши курашишда қўлланилаётган илғор ёндашувларни ўрганиб бориши керак”, - деди академия бошлиғи.
Шу куни масъуллар ва мураббийларга тавсиялар берилиб, янги тизим асосида таълим сифатини янада ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати