Бугун Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган кун. Тарихий сана муносабати билан ИИВ академиясида “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ” шиори остида тадбир ўтказилди.
Саф майдонида ўтган тадбир мадҳиямиз ижроси билан бошланди. Сўзга чиққанлар давлат рамзларининг юксак аҳамияти, ёш авлоднинг маънавий ҳаёти ва ватанпарварлик тарбиясидаги ўрнига тўхталди. Ватан байроғига чексиз эҳтиром кўрсатиш ҳар бир инсон учун улуғ ва шарафли вазифа эканлиги таъкидланди.
– Давлат байроғи қадим-қадимдан ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраган. Бугунги тадбирдан кўзланган мақсад ҳам байрағимизни шарафлаш орқали ёшларнинг Ватан ва халқ олдидаги муқаддас бурчини садоқат билан бажаришга ундашдир, – деди академия бошлиғи ўринбосари Шерзод Таджиметов.
Шундан сўнг курсантлар байроғимизни баланд кўтариб, саф қўшиқларини ижро этган ҳолда тантанали юриш билан ўтдилар. Тадбир пойтахт аҳли ва меҳмонларига “Шараф ленталари”ни тарқатиш билан давом этди. Оркестр ижросидаги куйлар юртдошларимизга чинакам байромона шукуҳ бағишлади, десак, муболаға бўлмайди.
Шу куни курсантлар, академик лицей ҳамда мактаб ўқувчилари иштирокида “Ватанпарварлик карвони” ҳам уюштирилди. Кенг кўча бўйлаб байроғимизнинг мағрур ҳилпирагани Янги Ўзбекистонимизда кечаётган янгиланишлар, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларга дахлдорлик билан яшаётган кексаю, ёшларни бефақр қолдирмади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати