Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

“АКСИЛКОРРУПЦИЯ ҲАФТАЛИГИ” ДОИРАСИДА ИЛМИЙ-АМАЛИЙ КОНФЕРЕНЦИЯ ЎТКАЗИЛДИ

09 Декабрь 2022, 06:12

972

9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни ҳамда “Аксилкоррупция ҳафталиги” муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академиясида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

“БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясини амалга ошириш механизми: иккинчи босқич таҳлили” мавзуидаги тадбир коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланди.

Конференцияни Академия бошлиғининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Музаффар Зиёдуллаев очиб, коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидаларини амалиётга самарали татбиқ этиш борасидаги ишлар, мазкур фаолиятда эришилган натижалар ҳамда устувор вазифалар ҳақида тўхталди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура, Тараққиёт стратегияси маркази, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, шунингдек бир қатор етакчи олий таълим муассасалари вакиллари иштирок этган конференцияда давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларга барҳам бериш, коррупцияга қарши курашиш жараёнларида фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирокини таъминлаш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатда шакллантиришда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тизимнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, амалдаги қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Соҳа мутахассисларининг долзарб мавзудаги маърузалари ва фикр-мулоҳазалари асосида илмий-амалий таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech