Янги ўқув йили муносабати билан Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи магистратура тингловчилари билан учрашди.
Очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбирда магистратуранинг бир йиллик фаолияти, амалга оширилган кенг қамровли ишлар ва жорий ўқув йилидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Бугун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида инсон қадрини улуғлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янгиланишлар даври ички ишлар органлари фаолиятини халқ манфаатларига хизмат қиладиган самарали механизмлар асосида ташкил этишни тақозо этмоқда. Тизим самарадорлигини ошириш эса кадрлар, айниқса раҳбар кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ.
Академия бошлиғи давлатимиз раҳбарининг қарори билан 2021/2022 ўқув йилида ташкил этилган магистратура фаолиятига тўхталар экан, таълим жараёнида янги ёндашувлар татбиқ қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
– Тингловчилар бир йил мобайнида замонавий талаблар асосида таълим олдилар, – деди Р. Хатамов. – Раҳбар кадрларни тайёрлашда илгари мавжуд бўлмаган мутлақо янги механизмларга, хусусан, модулли ўқитиш, машғулотларга давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари вакилларини кенг жалб этиш, хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, тингловчиларнинг раҳбарлик ва бошқарувчанлик фазилатларини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқотда эришилган ютуқлар билан бирга, таълим жараёнида йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Шунга кўра, жорий ўқув йилида ўқитишнинг янги механизмлари жорий қилиниши, профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларга юқори талаблар қўйилиши, хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий эътибор қаратилиши қайд этилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати