Ёшлар – мамлакатимизда амалга ошилаётган улкан ислоҳотлар таянчи. Уларнинг муносиб таълим олиши, иқтидорини тўла намоён этиши учун яратиб берилаётган улкан имкониятлар ўз мевасини кўрсатмоқда.
Ҳар йили “Scientific Academy” илм-маърифат маркази томонидан “Таълим ифтихори” халқаро танловини ўтказиб келинади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар миқёсида ўтказиладиган танлов ёшларнинг илм-фан соҳасидаги ютуқларини қўллаб-қувватлаш, салоҳиятини рўёбга чиқариш, фаол ташаббус ва ғояларини рағбатлантиришга қаратилган.
Бу йилги танловда 4 мингдан ортиқ ёшлар қатнашди. Кенгашга тақдим қилинган илмий ишлар икки босқичда кўриб чиқилиб, якунда 427 нафар иштирокчининг илмий иши саралаб олинди. Улар орасида ИИВ Академияси курсанти Сабина Камолова ҳам бор. Иқтидорли курсантимизнинг “Озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўзига хос хусусиятлари” мавзусидаги мақоласи муносиблар қаторида эътироф қилинди.
6 август куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Замонавий узлуксиз таълим сифатини ошириш: интеллектуал таълим-тарбия, инновация ва истиқболлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияси доирасида танлов ғолибларига “Таълим ифтихори” эсдалик кўкрак нишони, диплом ва эсдалик қимматбаҳо совғалари тантанали равишда топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати