Пойтахтимизнинг Олмазор туманида ўтказилган оммавий марафонда ҳарбий олий таълим муассасалари курсантлари, талаба ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди.
Жамоат хавфсизлиги университети ташаббуси билан “Аждодлар матонати ва жасорати – авлодлар учун намунадир!” шиори остида ташкил этилган тадбир Тошкент тиббиёт академиясидан старт олди.
Иштирокчилар “Белтепа”, “Шифокорлар”, “Қамарнисо”, “Талабалар”, “Университет” кўчалари бўйлаб 5300 метр масофани босиб ўтдилар. Финиш нуқтаси – Тошкент давлат техника университетида мусобақа қатнашчилари муносиб кутиб олинди.
Якуний натижаларга кўра, Ички ишлар вазирлиги академияси курсантларидан Акмал Салаев ва Зилола Тошпўлатова марра чизиғини биринчи, Нафосат Собирова иккинчи, Сайёра Юлдашева учинчи бўлиб кесиб ўтиб, ўз тенгдошлари орасида фахрли ўринларга сазовор бўлди.
Тақдирлаш маросимида давлатимиз раҳбарининг беш муҳим ташаббуси билан ўтказилаётган спорт тадбирлари ёшларни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказишда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати