ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ АКАДЕМИЯСИНИНГ КУНДУЗГИ ТАЪЛИМИГА ЎҚИШГА
ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ
Ички ишлар вазирлиги академиясининг кундузги таълим шаклида мазкур вазирлик қошидаги академик лицейлар, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек ўрта, ўрта-махсус ва касб-ҳунар маълумотига эга ички ишлар органлари ходимлари ҳамда ҳарбий хизматчилар таълим олиш ҳуқуқига эга.
Қабул жараёни қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- Ички ишлар вазирлигининг академик лицейлари битирувчилари учун – уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида;
- ҳарбий академик лицейлар битирувчилари учун – (ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш тадбирлари) уларнинг доимий яшаш жойидаги тегишли ички ишлар органларида ва (тиббий кўрикдан ўтказиш тадбирлари) ҳарбий академик лицей жойлашган ҳудуддаги ички ишлар органларида;
- ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчилар учун – уларнинг хизмат жойи ва ҳарбий қисмларда (муассасаларда) ўтказилади.
Номзодлар учун талаблар:
- номзоднинг ёши ўн саккиздан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаслиги (шу жумладан йигирма беш ёшдаги) керак;
- номзоднинг бўйи йигитлар учун 165 см., қизлар учун 160 см.дан паст бўлмаслиги керак.
Академияга ўқишга қабул қилиш танлов, тенг ҳуқуқлилик ва қабул қилишнинг ягона қоидалари принциплари асосида уч босқичда ташкил этилади.
Мазкур босқчи ҳудудий жамловчи ички ишлар органларида амалга оширилади. Бунда номзодга тегишли тегишли ҳужжатлар, тавсифловчи маълумотлар тўпланади. Номзоднинг оилавий аҳволи, ота-онаси ва яқин қариндошларининг ички ишлар органларидаги хизматга муносабати, соғлигининг яроқлилиги ва бошқалар аниқланади.
Мазкур босқич Ички ишлар вазирлиги академиясида амалга оширилади. Бунда номзод ҳақида жамловчи ички ишлар органларидан келиб тушган ҳужжатлар ўрганилади. Номзод тиббий кўрикдан муваффақиятли ўтган тақдирда, психофизиологик ўрганиш, ёзма иш (баён ёки иншо), умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш синовларини топширади.
- Якка тартибдаги якуний суҳбат
Мазкур босқичда номзод ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, адабиёт, маънавият асослари ва миллий истиқлол ғояси, асосий тушунча ва тамойиллар фанлари бўйича якка тартибдаги суҳбатдан ўтади.
Махсус касбий танловнинг психофизиологик ўрганиш, ёзма иш, умумжисмоний тайёргарлик ва чет тилларини ўзлаштирганлик даражаларини баҳолаш бўйича синовларидан тўпланиши мумкин бўлган энг юқори баллнинг 50 фоизидан кам балл тўплаган номзод қабул комиссиясининг қарорига кўра якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилмайди.
Номзод синовларни ўзбек ёки рус тилларидан бирини танлаган ҳолда топшириши мумкин.
- Номзодлар учун имтиёзлар
- Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 11 августдаги “Таълим муассасаларида чет тилларини ўқитишнинг сифатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 610-сонли қарори асосида чет тилларини билиш даражаси ҳақида давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатига эга номзодга чет тили фанидан белгиланган максимал балл берилиб, чет тили фанидан ўтказиладиган синовдан озод этилади.
- Хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг фарзандлари Академияга дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари ҳамда тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тақдимномаси асосида, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарори билан якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинади.
- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирликлар ва идораларнинг хизматдаги офицерлари, контракт бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги ҳарбий хизматчиларининг ҳамда Миллий гвардиянинг хизматдаги ходимларининг фарзандлари Академия кундузги таълим шаклига ўқишга ўтказиладиган қабул давомида улар учун алоҳида ажратилган квоталар доирасида танловда қатнашадилар.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил
5 февралдаги “Ўзбекистоннинг ўқувчи ёшларини рағбатлантириш чоралари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сон қарори билан тасдиқланган “Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом”га мувофиқ дастлабки ва махсус касбий танлов натижалари асосида Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган рўйхатдаги халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари Қабул комиссиясининг қарорига кўра, Академияга якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинади.
Қабул комиссияси томонидан махсус касбий танлов натижалари ва якка тартибдаги якуний суҳбат бўйича номзодни Академияга ўқишга қабул қилиш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилинади. Номзодлар белгиланган квота асосида ўқишга қабул қилинади.
Ички ишлар вазирлиги академиясининг кундузги таълимида ўқиш истагида бўлган номзоднинг ариза (билдирги)си ҳар йилининг 15 ноябридан келгуси йилнинг 15 февралига қадар қабул қилинади.
Ички ишлар вазирлиги академиясининг Кадрлар бўлими.