Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси 2025/2026 ўқув йили учун кундузги таълим бакалавриатининг “Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши курашиш фаолияти” йўналишига қўшимча танлов эълон қилади!
Кимлар ўқишга қабул қилинади?
Академияга ўқишга кириш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги ПҚ-3413-сон қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом”да белгиланган талабларга жавоб бериши зарур.
Номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши, 17 ёшдан кичик (қабул йилида 17 ёшга тўладиганлар) ва 25 ёшдан катта бўлмаслиги (шу жумладан, 25 ёшдагилар), умумий ўрта, ўрта махсус ёки профессионал маълумотга эга бўлиши керак.
Аризалар қачонгача қабул қилинади?
Номзодлардан аризалар 2025 йилнинг 14 июль кунидан 30 июль кунига қадар қабул қилинади.
Академияда ўқиш истагини билдирган номзодларнинг аризаси доимий яшаш жойи бўйича ҳудудий ички ишлар органларида қабул қилинади.
Қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Номзоднинг аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
номзод томонидан қўлда ва компьютерда ёзилган таржимаи ҳол;
анкета (маълумотнома);
ҳарбий хизматга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси ёки ҳарбий гувоҳномаси нусхаси;
ўқиш, иш (агар ўқиётган ёки ишлаётган бўлса) жойидан тавсифнома;
доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан соғлиғининг ҳолати ҳақида белгиланган намунадаги маълумотнома (бўй-басти кўрсатилган ҳолда);
ота-онасининг Академияга ўқишга киришига розилик хати.
Ўқишга қабул қилиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
1) дастлабки танлов;
2) махсус касбий танлов;
3) якка тартибдаги якуний суҳбат.
Дастлабки танлов номзодга тегишли ҳужжатларни ва уни тавсифловчи маълумотларни тўплаш, номзод тўғрисидаги турли маълумотлар, шунингдек, унинг соғлиги жиҳатдан ўқишга яроқлилигини аниқлашдан иборат.
Номзодлар вазирлик ҳамда ички ишлар органларида махсус ташкил этилган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.
Махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат ИИВ Академиясида бўлиб ўтади.
Махсус касбий танлов қуйидагилардан иборат:
ҳужжатларни ўрганиш;
тиббий кўрикдан ўтказиш;
математика, информатика ва ахборот технологиялари фанларини ўзлаштирганлик даражасини баҳолаш.
Махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтган номзод якка тартибдаги якуний суҳбатга қўйилади. Якка тартибдаги якуний суҳбат ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон тарихи, тарбия фанлари бўйича ўтказилади.
Номзодлар махсус касбий танлов ва якка тартибдаги якуний суҳбат натижалари асосида Академияга ўқишга қабул қилинади.
Кимлар имтиёз билан ўқишга қабул қилинади?
Халқаро ва республика олимпиадалари ғолиблари, “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиблари, шунингдек, вазирлик академик лицейларининг ҳуқуқшунослик фани бўйича идоравий фан олимпиадаси ғолиблари дастлабки ва махсус касбий танловдан муваффақиятли ўтгандан сўнг якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинади.
Шунингдек, математика, информатика, дастурлаш ва ахборот технологиялари бўйича нуфузли халқаро, минтақавий ҳамда республика олимпиадалари совриндорлари дастлабки танловдан муваффақиятли ўтгач, Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига кўра, белгиланган қабул квоталари доирасида якка тартибдаги якуний суҳбатсиз ўқишга қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз!
Академияда ўқиш мутлақо бепул, курсантлар ўқиши давомида озиқ-овқат ва ётоқхона билан таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси
Ички ишлар вазирлиги академияси