Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Жасорат ва матонат соҳиби

19 Ноябрь 2021, 07:11

1909

Забардаст олим Озод Шарафиддинов адабиёт оламида ўз фикри, ҳаққоний сўзи ва эътиқодига эга инсон эди. Умр бўйи халқимизнинг маънавий юксалиши йўлида фидокорона хизмат қилган адиб ҳақли равишда адабиёт мухлислари кўнглидан жой олди.

Унинг ёрқин хотирасига бағишланган маърифий кечада адабиётшунос олимлар, маданият арбоблари, Озод Шарофиддиновнинг шогирдлари ва оила аъзолари, Ички ишлар вазирлиги академияси вакиллари иштирок этди.

Тадбирда ўзбек адабиёти тарихида Озод Шарофиддинов ҳаёти ва ижодининг ўрни ҳақида сўз борди. Эътироф этилганидек, атоқли публицист ва мунаққид ижодий фаолиятида адабиётни тоталитар мафкура таъсиридан халос этиш, миллий адабиётимизни ривожлантириш, адабий танқид масалалари юқори ўрин эгаллайди. Унинг қаламига мансуб бир қанча асар ва рисолалар ҳали ҳаётлик чоғидаёқ адабиётшуносликда катта шуҳрат қозонди. Хусусан, “Ижодни англаш бахти” китобида у ўзбек адабиётининг жаҳон адабий жараёнида тутган ўрнини тадқиқ қилган бўлса, “Чўлпон” рисоласида маърифатпарвар шоир меросини халқимизга аслича қайтариш, унинг ёрқин сиймосига холисона баҳо беришни ўзининг маънавий бурчи деб билдин.

Озод Шарофиддинов замондошлари ва келгуси авлодлар учун ибрат бўла оладиган йўлни босиб ўтди. Бутун ҳаётини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлаб, янги истеъдодларни кашф қилишга ўзининг улкан ҳиссасини қўшди. Ҳатто, ҳаётининг сўнгги кунлари оғир хасталикка чалинганига қарамай, халқимизга фарзандлик меҳри билан хизмат қилишдан тўхтамади. Унинг она Ватанимиз олдидаги залворли меҳнатлари давлатимизнинг “Меҳнат шуҳрати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари ҳамда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган.

Адабий кечада адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, таниқли актёр Матёқуб Матчонов ва Озод Шарофиддиновнинг оила аъзолари сўзга чиқдилар. Унинг ҳаёти ва серқирра фаолиятига бағишлаб Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан суратга олинган ҳужжатли филм намойиш этилди.

 

Жамшид ХОЛОВ,

капитан.

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech