Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Заковат тафаккурни, тарих хотирани чархлайди

16 Август 2025, 06:08

37

ИИВ академиясида ўқув йиғинига жалб қилинган вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлар учун маънавий-маърифий тадбирлар, “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилди.

 

Узоқ йиллар қатор раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилган истеъфодаги генерал-майор Тоҳир Муллажонов ходимлар билан учрашувда ўз ҳаётий йўли ҳақида ҳикоя қилди. У ўз сўзида хизмат йилларидаги масъулиятли вазифалар, ёдда қолган тарихий воқеалар, эришилган ютуқлар ва енгиб ўтилган синовлар ҳақида батафсил тўхталди. Бу суҳбат ёшларга нафақат қизиқарли хотиралар, балки ҳаётга қатъият, интилиш ва Ватанга содиқлик сабоқларини ҳам улашди.

 

Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Жавдат Пўлатов иштирокида ўтган йиғилиш эса мазмунан бой ва ҳаётий аҳамиятга эга бўлди. Тадбир давомида мутахассис тингловчиларга руҳий саломатликни мустаҳкамлашнинг илмий асосланган ва амалиётда синовдан ўтган самарали усуллари ҳақида маълумот берди. Хусусан, стресс омилларини бартараф этиш, иш жараёнида психологик мувозанатни сақлаш, ҳиссий чарчашнинг олдини олиш бўйича қатор тавсиялар илгари сурилди.

 

Академия саф майдонида инспектор-психологлар ўртасида билим ва тафаккурни синовдан ўтказиш мақсадида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Тадбирда гуруҳларга бўлинган иштирокчилар қатор саволларга жавоб беришда ўз билими, мантиқий фикрлаш қобилияти ва жамоада ишлаш маҳоратини намойиш этдилар.

 

Шунингдек, улар Тошкент шаҳрининг энг муҳим маданий масканларидан бири – Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюриб, ўзбек давлатчилиги ва маданий меросининг бой тарихига назар ташладилар. Экскурсия давомида Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар сулоласининг давлат бошқаруви, илм-фан, меъморчилик ва санъат соҳаларидаги ютуқлари, шунингдек, ўша даврнинг бебаҳо моддий ва маънавий бойликларини ўзида мужассам этган ноёб экспонатлар билан яқиндан танишилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech