Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Юнусобод туманидаги маҳаллалар ўрганилди

3 Июл 2026, 22:29

143

Бугунги кунда маҳалла ҳаётига дахлдор масалалар устувор вазифага айланган. Чунки аҳолини рози қилишга қаратилган ислоҳотлар самараси, энг аввало, маҳаллаларда бўй кўрсатади.

Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган қарорида ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш орқали жиноятчиликни кескин камайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли мурожаатларига тезкорлик билан муносабат билдириш борасида қатор долзарб вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур қарорга биноан пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги “Боғишамол”, “Минор”, “Қашқар”, “Буюк Турон” маҳаллалари Ички ишлар вазирлиги академиясига бириктирилган бўлиб, таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўтган 6 ой мобайнида тизимли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, маҳаллаларда кейинги уч йил мобайнида содир этилган 233 та жиноятнинг асл омиллари илмий-амалий ёндашувлар асосида ўрганилди. Криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган 30 га яқин “жиноят ўчоғи”, 14 та овлоқ жой аниқланди. Ҳудудлардаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида “йўл харита”ларга 100 дан ортиқ таклиф ва тавсиялар киритилиб, ижрога қаратилди.

Шу асосда жойларга 112 та замонавий камера, 81 та “SOS” ташвиш тугмаси ўрнатилиб, 316 та объектнинг техник қўриқловга олиниши таъминланди. 2 мингдан зиёд хонадон, 20 га яқин низоли оила ўрганилиб, 191 нафар ижтимоий профилактика объекти “маҳалла еттилиги”га бириктирилди. Маҳаллаларда 5 та намунали хавфсиз кўча, 6 та намунали хавфсиз уй ташкил қилиниб, аҳоли муаммоларини ҳал қилишнинг самарали тизими йўлга қўйилди.

Бироқ маҳаллаларда чинакам хавфсиз муҳитни шакллантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳали кўп. Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов ҳудудларнинг криминоген вазияти билан яқиндан танишиш мақсадида “Буюк Турон” ва “Минор” маҳаллаларида бўлиб, масъуллар, “еттилик” тизими ходимлари ва аҳоли билан мулоқот қилди.

  Манзилли ўрганишлар чоғида маҳаллалардаги ижтимоий муҳит, кўп қайд этилаётган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг асл сабаб ва шароитлари, жиноятчилик омилларига барҳам бериш борасида кўрилаётган чоралар, фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар, ижтимоий профилактика йўналишида амалга оширилаётган ишлар, “йўл харита”лар ижроси, мавжуд муаммо ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Академия бошлиғи маҳаллаларда соғлом ва барқарор муҳитни қарор топтириш учун манзилли ишларни кучайтириш, аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган ижтимоий-иқтисодий ва бошқа муаммоларни жойида ҳал қилиш, жиноятчиликни кескин камайтириш бўйича аниқ механизмларни амалиётга татбиқ этиш, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш, мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди. 

Ўрганишлар якунида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан масъул раҳбарлар ҳамда мутасаддиларга топшириқлар берилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech