Шу кунларда ИИВ академиясини тамомлаган кадрлар фаолияти жойларга чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Маълумки, бу борада янги тизим йўлга қўйилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрига алоҳида кафедралар масъул этиб бириктирилган эди.
Ўрганишлар жараёнида ходимларнинг касбий компетентлиги, фаолиятидаги ютуқ ва камчиликлари, шахсий фазилатлари ва бошқа асосий мезонлар мониторинг қилиняпти. Маънавий-маърифий ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ходимлари билан биргаликда сўровномалар ўтказилиб, уларнинг фикрлари, таклиф ва муаммолари ўрганиляпти.
Айтиш жоизки, назарий билим ва амалий кўникмаларни самарали қўллай олиш ёш кадрлар учун муҳим жиҳатлардан бири саналади. Битирувчиларни ўрганишда айни шу омилга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг ўқиш давридаги ўзлаштириш кўрсаткичлари билан бирга, амалиётга мослашиш жараёнлари ҳам таҳлил қилинмоқда. Мониторинг якунида ходимлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклиф-тавсиялар ишлаб чиқиш ва илғор ёндашувларни таълимга татбиқ этиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, ҳудудий ички ишлар органларига жалб қилинган профессор-ўқитувчилар томонидан вазирлик тасарруфидаги академик лицейлар фаолияти ҳам ўрганиляпти. Ўқув жараёнлари, айниқса ўқувчиларни касбий йўналтириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтириш, битиргандан сўнг олий таълимга қамровини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, ўқитувчи-мураббийларга методик ёрдам кўрсатилмоқда.
Ёшлар ўртасида турли мавзуларда ўтказилаётган тарғибот тадбирлари эса уларнинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, танлаган касбига бўлган садоқатини ошириш, маънавий таҳдидларга қарши иммунитетини мутаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати