Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Ёш кадрлар фаолияти ўрганилди

25 Март 2026, 16:41

78

Маълумки, таълим сифатини ошириш мақсадида ИИВ академиясининг ихтисослик ва юридик кафедралари жойлардаги ички ишлар органларига бириктирилган эди.

Мазкур ёндашув таълимни амалиёт билан узвий ҳолда ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, амалиёт органларига услубий ёрдам кўрсатишда самарали тизим бўлмоқда.

Жиноят-процессуал ҳуқуқ кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан Самарқанд вилояти ички ишлар органларида олиб борилган манзилли ўрганишлар ана шу мақсадга қаратилди.

Ўрганишлар давомида академияни сўнгги уч йил мобайнида тамомлаган кадрларнинг хизмат фаолияти, касбий компетенциялари, муаммо ва камчиликлари таҳлил қилинди. Соҳавий хизматлар раҳбарлари, мураббийлар ва ёш ходимлар ўртасида анкета сўровлари ўтказилиб, уларнинг фикрлари ўрганилди. Таҳлиллар натижаси асосида ёшларга зарур амалий тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Бундан ташқари, кафедра вакиллари вазирлик академик лицейида ҳам бўлишди. Ўқитувчи ва ўқувчилар иштирокида бўлиб ўтган учрашувда таълим жараёнлари, ёшларнинг мақсад ва қизиқишлари ҳақида фикр алмашилди. Ёшларни касбий йўналтиришда ҳуқуқшунослик ва касбий фанларни ўқитишни чуқурлаштириш, машғулотларни замонавий методлар ёрдамида ўтказиш, иқтидорли ёшлар билан индивидуал ишлаш, ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш муҳим аҳамият касб этиши айтиб ўтилди.

Учрашув якунида ўқувчилар академияга кириш имтиҳонлари, ихтисослик йўналишлари, курсантлар учун яратилган имкониятлар ҳақида ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олишди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech