ИИВ академиясида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар вакиллари, олимлар, соҳа мутахассислари иштирок этган тадбирда айни соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, амалиётга татбиқ этилаётган илғор ёндашувлар ҳамда истиқболдаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Конференцияда ИИВ академияси бошлиғи ўринбосари Р. Нигматов, Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ бошлиғи Ш, Ибрагимов, Республика суд экспертизаси маркази лаборатория мудири Қ. Умидиллаев, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси бош мутахассиси Д. Мусаев, Тошкент давлат транспорт университети кафедра мудири А. Назаров, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси катта прокурори О. Ким ва бошқалар сўзга чиқди.
“Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг устувор йўналишлари”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги муаммолар бўйича истиқболдаги чора-тадбирлар”, “Йўл-транспорт ҳодисаларида суд экспертизасининг замонавий имкониятлари”, “Йўл хўжалигини ривожлантириш истиқболлари”, “Автомобиль йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш муаммолари: илмий-амалий ечимлар”, “Малакали ҳайдовчиларни тайёрлаш – давр талаби” мавзуларида маърузалар тингланди.
Соҳа мутахассислари тизимдаги муаммоларга эътибор қаратиб, йўл инфратузилмасини яхшилаш, йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг асл омилларини илмий жиҳатдан ўрганиш, ҳаракат иштирокчиларининг маданиятини юксалтириш, соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш борасида таклиф ҳамда тавсияларини билдириб ўтдилар.
Конференция доирасида иштирокчилар махсус техника ва воситалар кўргазмаси билан ҳам танишдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати