Ички ишлар органлари тизимида ёшлар қатлами салмоқли ўринни эгаллайди. Ватан ва халқ манфаатлари йўлида хизмат қилаётган ёш кадрларнинг ғайрат-шижоати соҳанинг фаолият самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
ИИВ академиясида Ёшлар куни муносабати билан ташкил қилинган учрашув курсантларга улкан мотивация берди. Тадбирда асосий эътибор ёшлар муаммоларини тинглаш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятини рағбатлантиришга қаратилди.
Мулоқотда вазирликнинг Ёшлар етакчилари кенгаши раиси, катта лейтенант Шаҳзод Абдукаримов сўз олиб, тизимда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирларга тўхталди. Президентимизнинг эзгу ташаббусидан сўнг ёшлар билан манзилли ишлаш янги босқичга кўтарилганини таъкидлаб, курсантларни янада ташаббускор бўлишга ундади.
Учрашувда курсантлар мамлакатимизда кечаётган ижобий ўзгаришларга юксак дахлдор ва хайрихоҳ эканликларини билдириб, аъло баҳоларга ўқишга, келгусида юқори малакали кадр сифатида тизим равнақига муносиб ҳисса қўшишга, масъулиятни ўз зиммаларига олишга ваъда бердилар.
Шу куни бир гуруҳ ёшлар учун Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда Ўзбек миллий академик драма театрига маънавият маршрути уюштирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати