Сир эмаски, мамлакатимизда кечаётган ўзгаришлар раҳбар кадрларга янгича талабларни қўймоқда. Шу боис, бугунги ислоҳотлар даврида раҳбарларнинг бошқарув салоҳияти, халқ билан ишлай олиш қобилиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ИИВ академиясида магистратура тингловчиларининг битирув маросимига бағишланган тадбирда амалиётга йўл олаётган раҳбар кадрлар олдида турган устувор вазифалар алоҳида қайд этилди.
Тадбир аввалида битирувчиларга тантанали равишда дипломлар топширилди. Ички ишлар вазири ўринбосари, генерал-майор Даврон Назармуҳаммедов сўз олиб, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталди.
Айтиб ўтилганидек, кейинги йилларда тизим фаолияти ўзгариб, мутлақо янгича мазмун касб этиб бормоқда. Соҳадаги раҳбарлар, қайси бўғинда ишламасин, аввало, замонавий билим, бошқарув салоҳияти ва дунёқарашга эга бўлиши, куну тун халқ манфаатини ўйлаб, аҳолининг дарду ташвиши билан яшаши керак. Ички ишлар органларини хақлчил тузилмага айлантириш ана шу мезонларга боғлиқ.
“Бугун халқимизнинг ўзи фаолиятимизга баҳо бермоқда. Президентимиз ҳар бир раҳбар кундалик ишини маҳалладан бошлаши, аҳоли билан доимий мулоқотда бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиши зарурлигини таъкидлаб келадилар. Битирувчиларимиз даврнинг ана шу ўткир талабини доимо ҳис қилиши лозим”, – деди вазир ўринбосари.
Тадбирда магистратура таълим жараёнига татбиқ қилиб борилаётган инновацион ёндашувлар, ўқув йили мобайнида модуллар асосида ташкил қилинган машғулотлар, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, тингловчиларнинг бошқарув маҳоратини оширишга қаратилган ўқув курслари, шу билан бирга, таълим сифатини ошириш мақсадида белгилаб олинган истиқболдаги вазифалар қайд этиб ўтилди.
“Ички ишлар органлари учун раҳбар кадрлар тайёрлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Магистратурани тамомлаётган истиқболли кадрларга улкан ишонч билдирилмоқда. Шу боис, билим ва кўникмаларингизни амалиётда самарали қўллаб, янги авлод раҳбар кадрлари деган номга муносиб бўлишингиз шарт”, – деди академия бошлиғи Рустам Хатамов.
Шунингдек, тадбирда сўз олганлар ички ишлар органларидаги изчил ислоҳотлар халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш, ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлаб ўтишди.
Битирувчилар номидан сўзга чиққанлар тизимнинг фаолият самарадорлигини ошириш йўлида янада масъулият, шижоат ва фидойилик билан хизмат қилишга ваъда бердилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати