Ички ишлар вазирлиги академиясида “Террорология” ўқув қўлланмасининг тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Кундузги таълимда таҳсил олаётган курсантлар ҳамда Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети талабалари иштирокида ўтган тадбирда янги қўлланманинг долзарб аҳамияти ҳақида сўз борди
Муаллиф, сиёсий фанлар доктори, профессор Шуҳрат Ғойибназаровнинг таъкидлашича, қўлланма кейинги йилларда олиб борилган илмий-амалий изланиш ва таҳлиллар самараси ўлароқ дунёга келди. Унда террорологиянинг фанлар тизимидаги ўрни, “радикализм”, “экстремизм”, “терроризм” тушунчаларининг моҳияти, келиб чиқиш ва ривожланиш омиллари, асл мақсади ва оқибатлари, уларга қарши курашиш механизмлари ёритилган.
Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари, миллий қонунчилик асослари таҳлил қилиниб, халқаро терроризмнинг географияси, турли минтақаларда намоён бўлиш хусусиятлари ҳақида маълумотлар келтирилган.
Тақдимотда қўлланманинг мазмуни, асосий йўналишлари ва амалий аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Таълим олувчилар, тадқиқотчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар ходимлари, глобал масалаларга қизиқувчи китобхонлар учун фойдали манба эканлигини инобат олган ҳолда курсантларга янги нашр туҳфа қилинди.
Айтиш жоизки, профессор Шуҳрат Ғойибназаров халқаро муносабатлар, сиёсатшунослик ва замонавий дунёдаги глобал муаммолар билан шуғулланиб келаётган олим саналади. Унинг қатор китоблари ва илмий ишлари юртимиз билан бирга, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Япония, Жанубий Корея каби жаҳоннинг етакчи давлатларида чоп этилган.
ИИВ академияси Ахборот хизмати