Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментининг алоҳида муҳим ишлар бўйича бўлими бошлиғи Денис Мартинов бошчилигидаги делегация ИИВ академиясига ташриф буюрди.
Дастлаб меҳмонлар таълим даргоҳи фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ахборот-ресурс маркази, саф майдони, тезкор-тергов гуруҳлари учун мўлжалланган транспорт воситалари, спорт мажмуаси ҳамда бошқа муҳим объектларни кўздан кечириш давомида уларга таълим жараёнига татбиқ этилган илғор ёндашувлар, курсант ва тингловчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Музокаралар залида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Россия ички ишлар идоралари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда манфаатли алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида жиноятчиликнинг замонавий шакл ва усулларига қарши курашиш, соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишда илғор тажрибалардан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Ташриф доирасида академия профессор-ўқитувчилари, курсантлари ҳамда ички ишлар органларининг амалиётчи ходимлари учун гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилди.
Унда синтетик гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ янги таҳдидлар, наркожиноятларни аниқлаш ва фош этишнинг илғор усуллари, шунингдек, рақамли технологиялар ёрдамида содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш масалалари атрофлича ёритилди.
Хусусан, интернет тармоғидаги наркодўконларни аниқлаш ва улар фаолиятига чек қўйиш, гиёҳвандлик воситаларининг яширин савдосига қарши курашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадлар ҳамда улар билан боғлиқ молиявий маблағлар ҳаракатини кузатиш бўйича Россия тажрибаси ўрганилди.
Мастер-класс давомида иштирокчилар наркожиноятларни фош этиш, тезкор-тергов тадбирларини самарали ташкил қилиш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамладилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати