ИИВ академиясида Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA) билан ҳамкорлик доирасида ташкил этилган ўқув курси якунланди.
Ўқув курси давомида Туркия, Венгрия, Саудия Арабистони, Мальдив, Мўғулистон мамлакатлари вакиллари учун долзарб мавзуларга қаратилган машғулотлар ўтказилди.
Хорижлик мутахассислар суд ва портлаш техник экспертизаларини ўтказиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, қалбаки вальюталар ва ҳужжатларларни тадқиқ қилиш, ҳодиса жойида ашёвий далиллар билан ишлаш, рақамли экспертиза ва рақамли криминалистика бўйича билим ҳамда кўникмаларини оширдилар.
Бундан ташқари, ИИВ академияси, Эксперт криминалистика маркази ҳамда Республика суд-экспертиза маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, соҳага татбиқ қилинган илғор ёндашувларни ўргандилар.
Ўқув курси доирасида маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил қилинди. Меҳмонлар юртимизнинг бой ва қадимий тарихи, миллий қадриятларимиз, мамлакатимизда кечаётган улкан ўзгаришлар билан бевосита танишиш имкониятига эга бўлишди.
Якунда тингловчиларга махсус сертификатлар топширилди. Тадбирда академия бошлиғи Рустам Хатамов иштирок этиб, манфаатли ҳамкорлик доирасида ўтказилган малака ошириш курсларининг муҳим аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Жиноятчилик тенденцияларининг ўсиб бораётгани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятини кучайтириш, таълимга илғор ёндашувларни кенг жорий қилиш, кадрлар тайёрлаш сифатини замон талаблари асосида такомиллаштириб боришни тақозо этаётгани, бу каби дастурлар турдош олий таълим муассасалари ўртасида аҳоқаларни янада мустаҳкамлаб, самарали тажриба алмашинувига хизмат қилиши қайд этилди.
Сертификат топшириш маросимида хорижий меҳмонлар ҳам сўз олиб, ўқув курсининг юқори савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати