Ички ишлар вазирлиги академиясида таълим олаётган тожикистонлик курсантлар она тили байрамини нишонладилар.
Маълумки, 2009 йил 5 октябрда Тожикистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги янги қонуни қабул қилинган. Ушбу сана Давлат тили куни сифатида белгиланиб, кенг миқёсда нишонлаб келинади.
Хорижий кадрлар билан ишлаш факультетида тилшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, курсантлар иштирокида ўтган тадбирда она тилининг миллат маънавияти, жамият ҳаёти ва мамлакат тараққиётидаги ўрни эътироф этилди.
Сўзга чиққанлар “Тил – миллат борлигининг кўзгуси”, “Тожик тили ва адабиётининг тарихий илдизлари”, “Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий – халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликнинг буюк тимсоли”, “Ўзбекистон ва Тожикистон: вақт синовидан ўтган муштарак ришталар” каби мавзуларда маъруза қилиб, ёшларни она тилига эътиборли бўлишга, асрлар давомида келаётган миллий қадриятларни асраб-авайлашга, аждодларнинг бой меросига ворислик руҳи билан яшашга даъват этдилар.
Тадбир курсантлар томонидан ижро этилган шеър ва қўшиқлар билан давом этди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати